2011 йил 28 октябрь

28 октябрь куни Ёшлар ижод саройида испаниялик галериячилар Хорхе Онтиверос ва Кристабел Алиано билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Таниқли рассом Жоан Миро ва испаниялик импрессионистлар Хорхе Нуньес, Луиса Амэр ва Мартин Карал суратларини пойтахтимизга олиб келган бу санъат шинавандалари журналистлар билан қизғин суҳбатга киришиб, Испания тасвирий санъати мактаби, етакчи рассомлари ҳақида сўзлаб беришди ва Art Week Style.uz-2011дан олган таассуротлари билан ўртоқлашишди.
Хорхе Онтиверос Санъат ҳафталигининг меҳмони сифатида Ўзбекистонга ташриф буюриши у учун муҳим ҳодиса бўлганини таъкидлади:
- Бу шубҳасиз ажойиб тадбир! Ташкилий ишларнинг юқори даражадалиги, бизга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром, кўргазмаларнинг намойиш этилишида қанчалар эътибор билан ёндашилаётгани мени ҳам қувонтирди, ҳам ҳайратга солди. Фонд Форумнинг иқтидорли ёшлар ва умуман ижод кишиларига қаратаётган эътибори таҳсинга лойиқ. Ўзбекистонда санъат олами остонасида турган ёш рассомларни жамоатчиликка таништириш ва яқинлаштириш бу қадар яхши йўлга қўйилганини олдин тасаввур ҳам қилмагандим.
Ўзбекистонга келишдан олдин юртингиз ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаганимни тан оламан. Лекин энди Фонд Форум ва санъат ҳафталиги шарофати билан бу гўзал юртни ўзим учун кашф қилдим. Бу диёр янги-янги қирралари, сержило ранглари билан кўз олдимда гавдаланмоқда. Ўзбек рассомларининг ижоди ва маҳорати мени мафтун этди. Ҳар бири ўзига хос услубга эга. Яқин кунларда ҳамкасбларим билан Мехикога жўнаб кетамиз. Мен у ерда Ўзбекистонда кўрган, кечирганларим ҳақида албатта сўзлаб бераман.
Шунингдек, Онтиверос журналистларга қандай қилиб галериячи бўлиб қолгани ҳақида ҳикоя қилиб берди:
- Мен рассом эмасман, балки санъатни яхши тушунмасман ҳам. Лекин бир нарсани ишонч билан айтишим мумкин: суратлар билан ишлаш, уларни тўплаш менинг қисматим, тақдир менга тортиқ этган туҳфа. Жоан Мирога тўхталадиган бўлсам, уни испан тасвирий санъати афсонаси, десак бўлади. Унинг ижоди шу қадар турфа ва ранг-барангки, ҳар бир инсон ундан ўзига яқин, қадрдон жиҳатларни топа олади. Бу сюрреализм ва абстракционизм устасининг суратлари нега Тошкентда намойиш этилаётганининг сабабларидан биридир. Умид қиламанки, улар томошабинларга манзур бўлади.
Уч соат давом этган суҳбатда Онтиверос испан ва француз тасвирий санъатининг шаклланиш тарихи, таниқли мусаввирларнинг ўзига хос услуби ва бошқа бир қанча мавзулар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хайрлашув чоғи сўҳбатдошимиз Ўзбекистонга яна келишга аҳд қилганини ошкор этди. Кейинги сафар ўзи билан нимани олиб келиши, ўзбек томошабинини қандай совға кутаётгани эса сирлигича қолди.