2011 йил 28 октябрь

Ўзбекистон телевидениеси тарихида илк маротаба Art Week Style.uz Бош дефилеси жонли эфирда Forum TV йўлдош канали, қолаверса, www.style.uz расмий сайти ва www.ftv.uz да тўғридан-тўғри узатилди. Шундай қилиб, Style.uz-2011 санъат ҳафталиги нафақат юртимиз маданий ҳаётидаги ёрқин ҳодисалардан бири, балки технология соҳасида ҳам янгилик бўлди. Ҳафталикни бу йил дунёнинг исталган жойида online кўриш имконияти яратилди. Шунингдек, “Ўзбегим таронаси”, “Замин” ва “Терра” радио тўлқинларида ҳам унутилмас намойишларнинг тўғридан-тўғри транслацияси амалга оширилди. Кўплаб интернет фойдаланувчилари эса твиттер-сўров натижасида санъат ҳафталиги лойиҳаларига гувоҳ бўлиш имконини берувчи таклифномаларни ютиб олишди.
“Дунё бўйича жонли эфир асосан йўлдош орқали амалга оширилади. Ўзбекистонда эса интернет орқали узатиш технологияси мавжудлиги мен учун янгилик бўлди”, - дейди телережиссёр, германиялик эксперт Штефан Лист. Меҳмон шундай муҳим ҳодисаларни ҳам йўлдош, ҳам онлайн тарзида бир вақтнинг ўзида, бунинг устига бир нечта сайтда узатиш имкони борлигидан ҳайратда эканини таъкидлади.
Форум ТВ йўлдош канали ва “Ўзбектелеком” корхонаси тўғридан-тўғри узатишни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишди. “Бу катта ижодий ва техник жамоанинг заҳматли меҳнати самарасидир, - фикр билдирди Форум ТВ канали техник директори Фарид Шарапов. – Биз бунга астойдил тайёргарлик қилгандик. Нафақат оддий компьютер, балки iPad орқали, ҳатто уяли алоқа телефонларидан ҳам сифатли эфирни тақдим этиш учун энг кичик деталлар устида ҳам бош қотирдик”.