Art Week Style.Uz 2011 «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси

Roberto Cavalli: мода олами мусаввири

2011 йил 27 октябрь

Roberto Cavalli: мода олами мусаввири

Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталиги жаҳонга машҳур мода уйлари намойишлари билан томошабинларни ҳайратга солишда давом этмоқда. 27 октябрь куни Ёшлар ижод саройида мода оламининг дунё тан олган вакили – Роберто Каваллининг либослар тўплами намойиши бўлиб ўтди. Тошкент саҳнасида итальянча услубга хос бўлган нозик бичимлар, мўйна, теридан ишланган либослар ўз бўйини кўрсатди.

Roberto Cavalli мода уйи жаҳон мода оламининг ажралмас қисми, раҳна солиб бўлмас юксак қалъаси ҳисобланади. Кавалли 40 йил муқаддам ўз тўпламлари учун асосий хомашё сифатида ўша пайтлари фақатгина спорт либослари учун муносиб ҳисобланган терини танлади ва ундан турмушнинг ҳар қандай шароитига мос келувчи либослар яратиш мумкинлигини исботлаб берди. Унинг ушбу кашфиётга Тошкент томошабинлари ҳам яна бир бор гувоҳ бўлишди.

Мўйна ва тери хомашёсидан тайёрланган устки либос ва сумкалар, камзуллар, байрамона либослар асосан тўқ — қўнғир, гилосранг ва оч жигар рангларда ишланган. Аксессуар ва либоснинг айрим қисмларига тилларанг зарларда берилган безак уларга хашам ва жозиба бағишлаган. Кузнинг ўзига хос муҳити саҳна безагига муносиб таъсир кўрсатган.

Санджес Сильвано, Roberto Cavalli мода уйи вакили (Италия):

- Ўзбекистон бизга жудаям манзур бўлди. Бу ердаги муҳит ва очиқчеҳра инсонлардаги самимият кишини ҳурсанд қилади. Style.uz санъат ҳафталиги ажойиб тадбирлари ва кенг миқёслилиги билан бизни ўзига ром этди.