Art Week Style.Uz 2011 «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси

Орзулар, ранглар ва ҳиссиётлар ҳамоҳанглиги

2011 йил 1 ноябрь

Орзулар, ранглар ва ҳиссиётлар ҳамоҳанглиги

2011 йил 23-28 октябрь кунлари дунё ҳамжамияти эътибори яна бир бор юртимизга қаратилди. Гулнора Каримова ташаббуси билан юртимизда олтинчи маротаба ўтказилаётган халқаро маданий алмашинувни ривожлантириш ва ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Style.uz санъат ҳафталиги “Орзулар, ранглар, ҳиссиётлар ҳамоҳанглиги” шиори остида гўзалликни тараннум айлади. Санъатга, ижодга меҳри, иштиёқи баланд инсон борки, бу ҳафталикка бефарқ бўлолмайди.

Мода саноатидаги оламшумул номлар ва брендлар, ёш ҳамда ўз ишини эндигина бошлаётган дизайнерлар, замонавий санъат рассомлари, анъанавий ва амалий санъат усталари, шунингдек, жаҳон театр ва кино арбоблари — режиссёрлар, актёрлар, сценарийнавислар, продюссерлар, фотосураткашлар, мусиқачилар, стилистлар, раққослар ва журналистларни юртимизга жалб этаётган ҳафталик ташкилотчиси Фонд Форумдир.

Art Week Style.uz – ҳаёлот, ранг ва ҳиссиётлар олами бўлиб, у ҳар йили бир-биридан қизиқарли тадбирлардан иборат кенгқамровли қизиқарли маданий дастурни тақдим этади. Рассомлар, мусиқачилар, актёрлар лойиҳа доирасида ўз иқтидорларини намойиш этишлари мумкин. Санъат ҳафталиги гўзаллик байрамигина эмас, бу, энг аввало, ёш истеъдодларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий кўмак кўрсатишга қаратилган замонавий лойиҳадир.

Замонавий санъат ихлосмандлари учун мамлакатимиз вакили бўлган 100 нафар мусаввир ва дунёнинг 25 давлатидан 50 нафар рассом “Замонавий санъат: рассом ҳудуди ва жамият” шиори остида ўтказилган VI Тошкент халқаро Замонавий санъат биенналеси доирасида пойтахтимизнинг 5 та кўргазма биносида ўзларининг 1500 дан ортиқ асарларини тақдим этишди. Энг аввало, биеннале мусаввирлик чўққиларини забт этишга шайланган ёш ўзбек рассомларининг ижодини ривожлантириш мақсадини кўзлаган. Бу йил биеннале Style.uz санъат ҳафталиги доирасида ўтказилиб, унга биринчи кунни ўзидаёқ 3000 нафар киши ташриф буюрди.

Масут Фаткулин, Фонд Форум Васийлик кенгаши аъзоси, Халқаро рассомлар конфедерацияси ижроия қўмитаси раиси (Россия):

- Тошкент Халқаро Замонавий санъат биенналесида олтинчи маротаба иштирок этишим. Илк маротаба ўтказилган биенналени эслаб, уни шу сўнггиси билан таққослаяпман. Уларнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Бугунги кунда халқаро биенналелар ўтказиш, кўп, катта саҳналар, қизиқарли асарлар, кўпсонли томошанбинларни талаб этмоқда. Буларнинг барчаси Тошкентда бисёр. Демакки, профессионаллик, маданият ошган. Шу ўринда тошкентлик рассомларни тилга олиб ўтишни истардим. Уларнинг асарлари халқаро даражада намойиш этишга арзийди. Ушбу асарлар ҳақиқатан ҳам қизиқарли, дунё бўйлаб ҳамкасбларим бу хусусда илиқ фикр билдиришмоқда. Ўз навбатида бу биеннале Тошкент жаҳон замонавий санъати марказларидан бирига айланаётганидан далолат беради.

Хорхе Онтиверос, галереячи, коллекционер (Испания):

- Мен биенналени ўтказилиш даражаси, кўрсатилган кўмак, кўргазмани ташкиллаштиришда иштиёқ ва ижодий ёндошувлардан қувондим. Фонд Форумнинг ёш ва иқтидорли ижодкор ёшлар билан ҳамкорлиги бебаҳо эканини таъкидлаб ўтишни истардим! Ўзбекистонда ёш рассомларни жамоатчиликка таништириш қандай даражада йўлга қўйилганини тасаввур ҳам қилолмасдим. Ўзининг бетакрор услубига эга бўлганларга эътибор катта бўларкан. Улар яратган асарлар мен учун ёш ва навқирон Ўзбекистон рамзидир.

Style.uz-2011 санъат ҳафталиги доирасида биенналедан ташқари кўргазмалар ҳам ташкил этилди. Миллий тўқимачилик галереяси очилиши ва кунчиқар мамлакатнинг тарихий ва замонавий ривожланишига бағишланган “Токио 100 ёшда” кўргазмаси шулар жумласидандир. Бу шаҳар фотосуратлари ҳамда оддий одамлар ва машҳур японларнинг портретларидир. “Токио 100 ёшда” кўргазмаси Европанинг 13 давлатида намойиш этилган. МДҲ давлатлари орасида у биринчи бўлиб бизнинг мамлакатимизда тақдим этилди. Тошкентдан сўнг кўргазма Санкт-Петербург (Россия)га йўл олади.

Хироши Яно, Япония Фотосаноат институти ижрочи директори:

- “Токио 100 ёшда” кўргазмасига 350дан ортиқ оқ-қора рангдаги суратлар қўйилган бўлиб, у маҳаллий томошабинларда қизиқиш уйғотади. Айнан Тошкент МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб ушбу кўргазмага мезбонлик қилди. Биз Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистондек маданиятга бой мамлакатда ушбу кўргазмани ташкил этиш орқали ўзаро алоқаларимиз янада мустаҳкамланишига ва бу Art Week Style.uz-2011 дастуридан ҳам муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирамиз.

Анъанага кўра, Санъат ҳафталигининг таркибига бадиий лойиҳалардан ташқари, катта аҳамиятга молик хайрия тадбирлари ҳам киритилган. Октябрь – кўкрак бези саратонига қарши халқаро ойлик муносабати билан, ушбу хавфли касалликка қарши курашаётган аёлларни ўзида жамловчи тадбирлар уюштирилади. 300дан ортиқ иштирокчини “пушти тасма” рамзий белгиси остида бирлаштирган “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси томонидан ташкил этилган Хайрия тадбири ҳам шулар жумласидандир.

Унда россиялик таниқли тележурналист Андрей Малахов ҳам иштирок этди. Ўтган йили Санъат ҳафталиги доирасида ташкил этилган хайрия акциясининг самараси ўлароқ 35 нафар аёл даволанди ва керакли дори-дармон билан таъминланди. Бу сафарги эса республикамизнинг турли ҳудудларидан яна 25 нафар аёлга қимматбаҳо дори-дармон берилиб, даволаш курслари ўтказилади. Бундан ташқари, Миллий уюшма томонидан мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб ҳар йили ўтказилувчи бепул ташхис қўйиш ишлари учун ҳам маблағ ажратилади. Шунингдек, хайрия тадбири доирасида 15та онкологик муассасага ултратовушли ташхис қўйиш ускуналари ажратилди. Кечада мамлакатимиз аёлларининг кўкрак бези саратонига чалиниш хавфи бўйича генетик харита яратиш лойиҳасининг натижалари тақдим этилди. Чхоннам Корея давлат университети мутахисислари билан кукрак бези саратонига қарши кураш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ушбу касалликка чалинган аёллардан бири тез орада даволаниш курсларини Кореяда ўтайдиган бўлди.

Доктор Пак Кун Ву - Чоннам университети қошидаги HWASUN тиббиёт маркази мутахассиси (Корея Республикаси):

- Ушбу хайрия тадбирига таклиф этилганимдан ғоятда мамнунман. Ўзбекистонда кўкрак без саратонига қарши курашда фаоллик кўрсатаётган, турли акциялар уюштираётган ва энг муҳими, буларнинг барчасини масъулият ва иштиёқ билан амалга ошираётган ташкилотчиларни кўриб ҳайратим ошди. Бугун кунда Фонд Форум ва “Аёллар кенгаши” РЖБ томонидан олиб борилаётган ишлар кўкрак бези саратонига қарши курашда ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонга мен иккинчи бор ташриф буюряпман. Ўтган йили ҳамкасбларимиз билан бирга Ҳамкорлик меморандуми имзолагандик. Бизнинг шифохонамиз Кореядаги энг яхши муассасалардан ҳисобланади. Ҳар йили бу ерда кўкрак без саратонига чалинган аёллар учун 350дан ортиқ операциялар ўтказилади. Бу йили эса Ўзбекистондан борган беморлар учун ўзимизда бепул операциялар ўтказишга тайёрмиз. Умид қиламанки, мамлакатингиз билан йўлга қўйган ҳамкорлигимиз келгусида ривожланиб боради.

Бундан ташқари, Буюк Британиянинг дунёдаги энг йирик CHRISTIE`S кимошди савдо уйининг ислом маданияти бўлими билан ҳамкорликда MEROS Ўзбекистон антикварлари уюшмаси томонидан анъанавий аукцион ўтказилди. Уни британиялик таниқли аукциончи Эдвард Райзинг олиб борди. Кимошди савдосининг мақсади маданий-тарихий меросимиз намуналарини тўплаш ва сақлаб қолишга оид муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, миллий маданиятимизни кенг миқёсда тарғиб қилиш, Ўзбекистонда аукционлар фаолиятини ривожлантириш, ноёб меросга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш. Кимошди савдосидан тушган маблағ Ўзбекистон маданий-тарихий меросини ўрганишга қаратилган “MEROS” уюшмаси томонидан олиб бориладиган тадқиқотларга сарфланади. Мазкур тадқиқотлар жараёнига археологлар, тарихчилар ва олимлар, шунингдек, Ўзбекистон олий ўқув юртларининг тарих факультетларида таҳсил олувчи талабалар, ёш мутахассислар жалб этилган.

Romain Pingannaud, санъатшунос, CHRISTIE`S аукцион уйининг ислом маданияти бўлими ҳодими (Буюк Британия):

- Мен ислом санъати бўйича арабшунос олимман. Бутун Шарқ, шу билан бирга Марказий Осиё ўзининг анъаналари, маданияти, архитектураси ва санъати билан менда катта қизиқиш уйғотган. Бу ерда ноёб ҳунармандчилик, қўл меҳнатининг қадимий куртаклари акс этган тарихий буюмлар жуда кўп. Ўзбекистондаги амалий безак санъати намуналари Ғарб эътиборини ўзига тортади. Бу ерда кўрганларимнинг барчаси беқиёс ва ўзига хослиги билан менда катта таассурот уйғотди.

Style.uz-2011 санъат ҳафталигининг мода бўлимида Yves Saint Laurent (Франция), Gianfranco Ferre (Италия), Roberto Cavalli (Италия), Ermanno Scervino, (Италия), Corneliani (Италия), Billionaire (Италия), Victor de Souza (АҚШ), Angel Schlesser (Испания), Kamishima Chinami (Япония) каби хорижий мода уйлари ҳамда Underground лойиҳасида 20 дан ортиқ тўплам тақдим этган ёш ўзбек дизайнерларининг намойишлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Бу каби либослар намойишлари ёшларга жаҳон анъаналари билан танишиш ва келгусида уларнинг ўзи ҳам мода оламининг янги йўналишларини кашф этишлари учун чексиз имконият яратади.

Natanabe Toshitsugu, Kamishima Chinami маркаси президенти (Япония):

- Биз анчадан буён Style.uz санъат ҳафталигида иштирок этиш ниятида эдик. Негаки, Милан, Париж ва Нъю-Йорк каби мода оламига ҳукмронлик қилувчи шаҳарлар қолипидан чиқиш вақти етди. Фикримизча, мода саноати ривожланиши учун энг муносиб майдон – бу ўзининг асрий анъаналарига эга, урф-одатларини асраб-авайловчи мамлакат.

Франческо Мортилла, Corneliani мода маркасининг экспорт-менежери (Италия):

- Ўзбекистондаги Санъат ҳафталиги – бу нафақат мода, балки анъанавий ва амалий санъат, театр, кино оламининг ҳам байрами бўлиб, у юртингизда маданият юксак даражада эканлигини кўрсатади. Бу ерда истиқомат қилувчи кишиларнинг санъатга бўлган иштиёқини кўриб завфқландим. Намойишларнинг ташкил этилиши менга манзур бўлди, фикримча, улар Милан ва Нъю-Йоркдаги мода ҳафталикларидан асло қолишмайди.

Анхель Асенсио Лагуна, Мадрид мода ҳафталиги директори (Испания):

- Анхель Шлессер тўпламлари намойиши испан мода уйлари ичида севимли бўлган ўта бежирим услубларни тақдим этади. Фонд Форум томонидан маромига етказиб ташкиллаштирилган ушбу намойиш Art Week Style.uz санъат ҳафталиги меҳмонларига тўпламни томоша қилиш ва баҳолаш имконини берди.

Риккардо Манара, Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

- Мен Ўзбекистон халқи Италиядаги энг диққатга сазовор брендлардан бири – Gianfranco Ferréнинг махсулотлари билан танишиш имкониятига эга бўлганидан хурсандман. Жаноб Ферре ҳаёти давомида миллий мода саноатини ривожлантишга улкан хисса қўшди, унинг бу меҳнати самарасини Ўзбекистонда ҳам кўраётганимиз жуда қувонарли ҳол. Бу маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради – Gianfranco Ferré уйининг тўпламлари сизга манзур бўляпти, сизнинг бежирим либосларингиз эса бизга. Шахсан менинг ўзим ҳам ўзбекча услубда тикилган либос кейишни яхши кўрман. Ғарбда эса бу жуда қадрланади.

Халқимиз анъаналарни сақлаш эндиликда фақат музейлар зиммасидаги вазифа эмас. Миллий матодан яратилган либосларни ҳам топилмас ҳадялар сафидан чиқариш мумкин. Ўзбек атласи-ю адрасидан тикилган либослар бугун дунё мода оламининг авангардларидан саналади. Бу йилги Санъат ҳафталигининг ажойиб ва узоқ кутилган лойиҳаларидан бири — Миллий либослар фестивали кўпчилик эътиборига сазовор Theatre.UZ/2011 Иккинчи халқаро театр фестивалининг ёпилиш маросими билан биргаликда ўтказилди. Art Week Style.uz меҳмонларига ҳайратланарли лойиҳаларни тақдим этишга одатланган ташкилотчилар бир саҳнада икки тадбир намойишини ўтказишга қарор қилдилар. Бу шунчаки томоша бўлмай, балки икки санъат турининг ўзаро уйғунлашуви ҳамдир. 10 кун давомида Ўзбекистоннинг 8 та театри саҳналарида 26 та спектакль намойиш этилди. Ўз маҳоратини намойиш этиш ва тажриба алмашиниш истагида Буюк Британия, Германия, Исроил, Украина, Озарбайжон, Тожикистон, россиялик актёрлар ташриф буюрдлар. 15000 томошабин рус, ўзбек, озарбайжон ва иврит тилларидаги ҳамда сўзсиз спектаклларни кўришга муваффақ бўлди. Фестиваль доирасида хорижлик мутахассислар иштирокидаги 4 та маҳорат дарслари ўтказилиб, унда 300 нафар ёш артистлар қатнашди. Айтиш мумкинки, фестиваль фақатгина драматургия тилида бўлиб ўтмасан, унинг доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Германия, Исроил, Буюк Британиялик театр вакиллари ташриф буюрган “Ўрта Осиёнинг дунё театрлари фаолиятида тутган ўрни ва роли. 20 йиллик эркин театр ривожланиши натижалари” халқаро форуми ҳам ўтказилди.

Наби Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёшлар театри ва Theatre.UZ/2011 фестивали бадиий раҳбари:

- Тошкентдаги театр фестивали йилдан-йилга ўз тажрибасини мукаммаллаштирмоқда, унга мухлислар қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Бу йили Болгария, Грузия, Молдавия, Россия каби давлатлардан ташриф буюришни истаганлар кўп бўлди, лекин айрим театрлар эса техник сабабларга кўра ташриф буюра олмадилар. Фестивалда 4 та ҳамкорликдаги спектакллар намойиш этилгани қувонарли ҳол. Буларнинг барчаси ёш театрларимиз учун янги билим ва имконият беради. Бу эса фақатгина амалга оширилган ишларнинг натижаси бўлмай, театрнинг ҳамон мавжудлиги ва санъатнинг абадийлигига ҳам ишорадир.

Филипп Маккензи, Уэльс театри арт-директори (Буюк Британия):

– Ўзбекистондаги «Theatre.UZ/2011» Халқаро театр фестивалида иштирок этганимдан хурсандман. Ўзбек замини азалдан илм-фан, санъат ва маданият тараққий этган ҳамда бағрикенг, меҳмондўст, меҳнатсевар халқига эга юрт сифатида бизга маълум. Халқаро миқёсдаги театр фестивалини ўтказиш катта билим ва тажриба талаб қилади. Негаки, улар давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, актёрлик маҳоратини ошириш, театр ижодкорларинг янги ғоя, изланиш ва ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этишнинг муҳим асосидир.

Олтинчи Art Week Style.uz ҳафталиги доирасида Фонд Форум томонидан ташкил этилган дўстона лойиҳалардан яна бири “Олтин гепард” Биринчи Тошкент халқаро кинофоруми бўлди. Европа, Осиё, Африка, Шимолий ва Жанубий Американинг 45 дан зиёд мамлакатларидан 300 та аризалар келиб тушди. Кинофорум танловига 43 та фильм саралаб олинди, шунингдек, танловдан ташқари дастурлар ҳам тақдим этилиб, маҳорат дарслари ўтказилди. Кинофорум – юртимиз киноматографияси ва бутун миллий маданиятимиз тарихига оид ҳодисадир. Улуғвор, сермазмун, сержило. Бу хусусиятларни ҳакамлар ҳайъатининг муваффақиятли тузилган таркиби мантиқан давом эттиради. Унга нафақат ўзбек киноси ижодкорлари, балки дунё киноматографияси вакиллари бўлмиш киноарбоблар, таниқли актёр, режиссёр, танқидчи, кинопродюсер, мультипликаторлари ҳам киритилди.

Ҳакамларга Берлин ва Венеция кинофестиваллари директори ҳисобланган Мориц де Хадельн бошчилик қилди. Кинотанловнинг бош мукофоти – “Энг яхши фильм” учун соврини ҳакамлар ҳайъати томонидан бир овоздан маъқулланиб, ўзбек режиссёри Зулфиқор Мусоқовнинг “Қўрғошин” фильми учун топширилгани барча учун қувонарли ҳол бўлди. Кинофорумнинг таълимий ва ижтимоий жиҳатлари ҳам диққатга сазовордир. Дунё киносининг тажрибали мутахасислари: Шунья Ито (Япония), Жерар Кравчик (Франция), Режи Гезельбаш (Франция), Сергей Соловьев (Россия), голливуд актёри Матиас Хьюз, эронлик Шахрам Мокри, германиялик Лео Хасин каби ёш режиссёрлар, шунингдек, қозоқ режиссёри Собит Курманбеков, Болгариядан ташриф буюрган мультипликатор жаноб Недельчев ва Озарбайжон киноарбоби Юсуф Шейхов томонидан шу йўналишга ихтисослашган олий ўқув юртларининг талабалари учун 10 та маҳорат дарслари ўтказилди.

Мориц де Хадельн, ҳакамлар ҳайъти раиси, киноарбоб, ҳужжатли фильмлар режиссёри (Швейцария):

- Ўзбекистон кино олами вакиллари ва мухлислари учун бу кинофорум нақадар узоқ кутилгани шахсан менга маълум. Бу фақат биринчигина қадам эканлиги ва унинг анъанага айланишига ишончим комил. Кино – бу инсонлар ва халқлар учун умумий мулоқот тилидир, у чегара танимайди. Кино – бу инсонларни чинакамига бирлаштирувчи санъатдир. Ушбу кинофорумнинг ҳакамлар ҳайъати совринларга энг муносиб иштирокчиларни аниқлаш учун бир неча кун давомида узоқ ва машаққатли танлов жараёнини босиб ўтди.

Ингеборга Дапкунайте, кино ва театр актрисаси (Литва):

- Биз бу ерга ташриф буюрганимиз ва “Энг яхши актёр” номинацияси бўйича совринни тақдим этиш имкониятига эга бўлганимиздан хурсандмиз. Хоҳ бу, хоҳ бошқа кинофестиваль бўлсин, мезбон ижодкорларга соврин тақдим этиш ўзига хос одоб намунаси ҳисобланади. Аммо бугунги “Энг яхши эркак роли учун” совринининг ўзбек актёри Нозим Тўлахўжаевга топширилиши – энг аввало, чинакам актёрлик маҳорати эътирофидир.

Егор Кончаловский, режиссёр (Россия):

- Бу ташрифимдан бир олам таассуротлар олдим. Фильмлар саралаш жуда қизиқарли ўтди. Ҳар бир фильм кишини фикрлашга, янада кенг мушоҳада юритишига ва олийжаноб бўлишга ундайди. Менинг фикримча,Тошкент кинофоруми янгича ҳодиса сифатида вужудга келди. Энди унга давомийлик масъулияти юкланади. Фақат шундагина у ўсиши мумкин, ўз қиёфасини шакллантириши мумкин. Мен ўз фильмимни намойиш этиш ва кинофорумда қатнашиш имкониятига эга бўлганим учун Фонд Форум ва шахсан Гулнора Каримовадан миннатдорман. Бу ташриф мен учун жуда аҳамиятли, тажрибали ҳакамлар орасида бўлиш эса ғоятда фахрланарли ҳодисадир.

Региз Гезельбаш, режиссёр, продюсер, сценарийнавис, ҳакамлар ҳайъати аъзоси (Франция):

- Мазкур тадбир янги истедодларни кашф этиш, кино оламининг янги қирраларини очишда аҳамиятли. Шунга ўхшаш тадбирларни ташкил қилиш ўзига яраша маблағ талаб этса-да, истеъдод бирламчи ҳисобланади. Шунинг учун аввало, унинг бошлангани катта ютуқ. Кинофоруми келгусида ўз имкониятларини намойиш этиб борар экан, ҳам мутахасислар, ҳам томошабинлар назарида юксак қадр топа бошлайди. Авваллари Тошкентда ўтказилган кинофестиваль мен учун Осиё, Африка мамлакатлари кино оламини очиб берганди, эндиги кинофорум эса ўз номига эга тадбир сифатида кинотанқидчилар томонидан юқори баҳоланмоқда. Бу анъанани давом эттириш, маданиятлар мулоқотини ўстириш кенгайиб бориши лозим.

Сергей Соловьев, режиссёр (Россия):

- Ушбу байрамни ташкил қилганлардан жуда миннатдорман. Тошкентда бундай тадбир ўтказиш анъанаси йўлга қўйилгани яхши бўлди. Бу янгича замона, янгича Тошкентнинг кинофорумидир. У орқали Тошкентга дунё киноси қайтгани ҳам жуда қувонарли.

Ханс Шлегель, кинотанқидчи, ҳакамлар ҳайъати аъзоси (Германия):

- Мен бу ерга Германияда намойиш этишимиз мумкин бўлган фильмларни топиш умидида келдим. Ва, уларни топдим ҳам. Ҳатто кутганимданда кўпроқ. Бу ерда ўзимиз учун янги номлар кашф этаяпмиз. Менинг ишончим комилки, ушбу кинофорумдан кейин, Тошкентдек ажойиб шаҳарда дунё бўйлаб машҳур бўладиган киноарбобларнинг янги тарихи бошланади.

Сергей Шолохов, тележурналист, санъатшунослик фанлари номзоди, Биринчи каналнинг «Тихий дом» дастури муаллифи ва бошловчиси (Россия):

- Мана 20 йилдирки, турли халқаро кинофестивалларда иштирок этиб бораман, шунинг учун Тошкентдаги кинофорумни ҳам ўтказиб юбормадим. Унга эса бошқа ерларда учратганларимдан фарқ қиладиган янги намойишларни кўриш умидида ташриф буюрдим. Бу ерда танлаш имконияти кўп. Бошқа кинофестивалларда бунинг имкони йўқ. Тошкентдаги кинофорум – мода ва театрни ҳам ўзида жамлаган катта маданий тадбирнинг бир қисми. Бу эса жуда ўринли. Маданиятнинг турлари ҳар хил. У кино билан боғланганда эса бизнес ва санъат уйғунлиги кўринишини олади. Кинонинг ўзини бошқа санъат турлари билан бир сафга қўядиган бўлсак, у ўзига хос бадиийлик сифатида намоён бўлади.

Бу йили ҳам ташкилотчилар ҳафталикнинг таълимий қисмига алоҳида эътибор қаратдилар. Сарҳад билмас лойиҳа аллақачон мода чегараларидан ўтиб бўлди. Style.uz-2011 ҳафталиги халқаро мутахасислар иштирокидаги турли учрашувлар, матбуот анжуманлари ва маҳорат дарсларига бой ўтди. Ҳамкор ташкилотлардан бири сифатида Британия Кенгашини келтириш мумкин. Унинг таркибида тажрибали мутахасислар, ўз ишининг усталари фаолият юритади. Улар ёш тингловчиларга ўз соҳаларига оид сирларни улашишди. Лондон мода коллежи, Мартиньер Дидро француз амалий санъати мактаби, америкалик имижмейкер Кит Брюстер, россиялик тележурналист Максим Шевченко шулар жумласидан. Ёш истедодлар билан мулоқот олиб борган бу каби машҳурлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Шунингдек, «Фонд Форум: фуқаролик жамияти амалий модели тури» нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Йил давомида мазкур нашр устида Лондоннинг Шарқ ва Африка тадқиқотлари университети қошидаги мактаб лектори доктор Ширин Акинер (Буюк Британия), санъатшунослик фанлари доктори Акбар Хакимов ва бошқалар изланиш олиб боришди. Санъат ҳафталиги мусаввир сифатида ўз ижодини турфа ранглар, услублар, туйғулар билан бойитишда давом этиб, ёшларга келгусида ўз ишининг моҳир устаси бўлишида кўмак бермоқда.

Кит Брюстер, стилист (АҚШ):

- Мен ҳаётим давомида мода, киноматография, умуман, ижод соҳалари билан боғлиқ тадбирларнинг кўпида иштирок этганман, лекин бунуқасини – Art Week Style.uz ҳафталигига ўхшаган лойиҳани ҳеч қаерда учратмаганман! Бунга ақл бовар қилмайди. Жўшқин муҳит, ранглар жилоси, матолар товланиши, ёшлар, суратлар, фотосуратлар завқи, кино ва театр олами – буларни ҳаммасини бир ерга жамлашни қандай қилиб уддасидан чиқиш мумкин? Ўзбекистонда буларнинг барчасига эришиш мумкин чоғи...

Иккита катта ва қизиқарли танлов Санъат ҳафталиги дастуридан ўрин олди. Буларнинг бири Замонавий хореографи ва спорт пластикаси танлови бўлса, иккинчиси Сартарошлик санъат халқаро танловидир. Хореография ва рақс санъати бўйича мамлакатимиз, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан 45 жамоанинг 716 иштирокчиси ҳакамлар ҳайъатига 100 дан ортиқ рақслани тақдим этишди. Саратарошлар танлови эса мамлакатимиз, Россия, Туркия ва АҚШдан 40дан ортиқ сартарош ва ҳакамларни бирлаштирди. Унда 80 дан ортиқ турли турмаклар ясалиб, энг яхши 3 таси ғолибликка муносиб топилди.

Мусиқа ихлосмандлари ёдида ушбу ҳафталик анча вақтгача сақланиб қолиши тайин. 3 та йирик концерт – италиялик таниқли бастакор Эннио Морриконе, италиялик хонанда Эрос Рамазотти хайрия концерти, россиялик Игорь Крутой ва опера хонандаси Дмитрий Хворостовскийнинг биргаликдаги концерт дастури ҳафталикка ўзгача тароват бағишлади. 80% гача чипталар истеъдодли ёшлар, ижодкор шахслар ўртасида бепул тарқатилди. Эрос Рамазотти концерти чипталари сотувидан тушган маблағнинг бир қисми “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмасига йўналтирилади.

Фонд Форумнинг энг ёрқин ва кенг қамровли лойиҳаси “Дом стиля”дан либослар намойиши билан ўз ниҳоясига етди. Ушбу намойишнинг онлайн тарзида бутун дунёга намойиш этилгани эътирофга лойиқ.

Матиас Хьюз, актёр (АҚШ):

- Бу ажойиб, турфа рангларга бой ва қамрови кенг лойиҳадир. У орқали биз фақатгина фильмларни эмас, балки рассомчилик санъати намуналари, театр постановкалари, етук мода намойишлари, энг муҳими Underground ёш ўзбек дизайнерлари намойишини кўришга муваффақ бўлдик. Бу жуда ажойиб! Art Week Style.uz – маданият ва санъатнинг мен илгари учратмаган бирикмаси. У жуда кенг миқёсдаги тадбир, бунинг устига замонавий ва қизиқарли ҳамдир. Мен йилнинг шундай беназир лойиҳасида иштирок этганимдан мамнунман.

Бу йил лойиҳани ўткаиш учун 300 дан ортиқ кўнгилли жалб этилди, пойтахтимизнинг турли саҳналарида кунига камида 12 та тадбир ўтказилган вақтда балки бу сезилмагандир. Барча тадбир ва лойиҳаларнинг бир маромда олиб борилиши ҳафталикнинг ўзига хослигини таъминлайди. Масалан, Нью-Йорк мода ҳафталигида бир залдаги меҳмонлар бошқа залда қандай тадбир ўтказилаётганини билишмайди ҳам...

Буларнинг бари ёшлар иштирокисиз бўлмади, албатта. Фонд Форум қошида ташкил этилган “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари марказининг турли танловлар, грантлари ғолиблари ҳафталикни ўтказишда яқиндан кўмак кўрсатишди. Уларнинг ҳафталикдан олган таассуротлари, орттирган тажрибалари анчага етиши шубҳасиз.

...Санъат ихлосмандлари ва пойтахтимиз аҳолиси томонидан бир йил мобайнида кутилган лойиҳа ўз ниҳоясига етди. Ташкилотчиларнинг кейинги йилга қандай совғалар, кутилмаган тадбирлар тайёрлаб қўйгани эса ҳозирча сир. Булар янги қиёфалар, янги номлар кашфиёти, янгича шакллар бўлиши мумкин... Санъат ҳафталиги инсонларни ҳайратга солишни яхши билади. Бунга ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ.

Олтинчи Art Week Style.uz-2011 Санъат ҳафталигига ташриф буюрганлар: дизайнерлар Виктор де Суза (АҚШ), Камишима Чинами (Япония), стилист Кит Брюстер (АҚШ), Мадрид мода ҳафталиги директори Анхель Асенсио Лагуна (Испания); композитор Эннио Морриконе, ҳонанда Эрос Рамазотти (Италия), композитор Игорь Крутой, опера ижрочиси Дмитрий Хворостовский (Россия), Roberto Cavalli, Ermanno Scervino, Corneliani, Billionaire (Италия), Yves Saint Laurent (Франция), Angel Schlesser (Испания) мода уйлари вакиллари, заргарлик брендлари ҳисобланган Chopard, Каролин Шойфеле вице-президенти ва Piaget (Швейцария); London College of Fashion (Буюкбритания), Martiniere Diderot француз лицейи, Keimyung University мода коллежи (Корея) вакиллари; гелереячи ва рассомлар Хорхе Онтиверос, Фернандо Диез (Испания), Александр Клерисс (Франция), киносаноат арбоблари – “Олтин гепард” кинофоруми ҳакамлар ҳайъати аъзолари режиссёр Мориц де Хадельн (Швейцария), актёрлар Матиас Хьюз (АҚШ), Ирен Виседо (Испания), Елена Морозова, Валерий Баринов (Россия), Никита Высоцкий (Россия), Ингеборга Дапкунайте (Литва), Димпл Кападия (Индия), режиссёрлар Жерар Кравчик (Франция), Лео Хасин (Германия), Жаноб Недельчев (Болгария), Павел Лунгин, Сергей Соловьев, Валерий Тодоровский, Егор Кончаловский (Россия), Фридрик Тор Фридрикссон (Исландия), Шунья Ито (Япония), Мокри Шахрам (Эрон), Петр Павел Субботко (Польша), продюсеры Региз Гезельбаш (Франция), Европадаги ФИАПФ продюссерлик гильдиялари халқаро федерацияси вице-президенти, продюсер Ренат Давлетяров (Россия), «Муз ТВ» телеканали продюсери Арманд Давлетьяров (Россия), Сакен Жаксыбаев (Қозоғистон), кинотанқидчилар Ханс Шлегель (Германия), Андрей Плахов (Россия), россиядик мультипликатор Андрей Хржановский, «Golden Horse» Тайван мукофоти қўмитаси президенти Пегги Чао (Хитой), UNIFRANCEнинг халқаро фестиваллар бўйича менежери Ян Раймон (Франция), немис ёзуқчи-драматурги Михаэль Шиндхельм, ФИПРЕССИ аъзоси Гульбара Таламушева (Қирғизистон), киноарбоб Юсуф Шейхов (Озарбайжон); шунингдек, «Assouline Publishing» ноширлик уйи асосчиси Яффа Ассулин (АҚШ), Япония фотосаноат институти ижрочи директори Хироши Яно; Christie`s аукцион уйи вакиллари (Буюк Британия), Халқаро дўстликни ривожлантириш бўйича Бутунхитой ассоциацияси вице-президенти Ли Юйбин (Хитой); ОАВ вакиллари – телебошловчилар Андрей Малахов, Максим Шевченко, Оксана Пушкина (Россия), Япония медиа- ва мода юлдузи Дон Кониши, россиялик тележуналист, кино ҳақидаги «Тихий дом» кўрсатуви бошловчиси Сергей Шолохов, «Женьминь Жибао» газетаси журналисти Тан Вуджун (Хитой), журналист Флора Обгорян (Швейцария), Японининг умуммиллий босма нашри «NIKKEI» халқаро бўлими махсус мухбири Миамото Хидеаки, Getty Images вакили, фотосураткаш Ив Форестьер (Швейцария), Hello! ва Harper`s Bazaar журналлари ижодий гуруҳи (Россия), «Первый канал» суратга олиш гуруҳи (Россия), Россия, Корея, БАА, Хитой босма ва онлайн нашрлари журналистлари; биеннале доирасида 25 давлатдан келган 50 нафар рассом, театр олами, кинематография, рақ санъати ва бошқалар.