2011 йил 28 октябрь

“Дом стиля” ижодиёт бирлашмасидан Бош дефилеси Фонд Форумнинг энг ёрқин ва кенг кўламли лойиҳаларидан бири Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталигининг мода йўналишига оид тадбирларига муносиб якун ясаб, Миллий либослар фестивали ва Underground намойишлари натижалари сарҳисоб этди. Бу йил санъатнинг деярли барча кўринишларини қамраган ҳафталикнинг “Орзулар, ранглар, ҳиссиётлар уйғунлиги” шиори “Дом стиля”дан Бош дефиледа яна бир бор ўз исботини топди. Энг муҳими, мазкур ҳодисани дунёнинг исталган бурчагида туриб, тўғридан-тўғри кузатиш имконияти яратилди.
“Дом стиля”дан Бош дефиле шунчаки ҳафталикка якун ясовчи намойишгина эмас, у юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар эътиборига миллий мода саноатимизнинг энг сара намуналарини ҳавола этувчи анъанавий тақдимотлардан биридир. Ҳар йили Бош дефиле доирасида “Дом стиля”нинг етакчи дизайнерлари ўз тўпламларини намойиш этишади.
Бу галги намойиш ҳам бунинг яққол мисолидир. Саҳнада дизайнерларнинг чегара билмас хаёлот олами ва заҳматли меҳнати меваси бўлмиш либослар, гўё Шарқ ва Ғарбни ажратиб тургувчи чегарага барҳам бергандек бўлди. Томошабинлар Марҳамат Умарова, Лилия Палюнина, Саида Амир ва Дилдора Қосимованинг романтик услуби, Артем Дробишев ҳамда Алексей Маньшаевнинг илҳом манбаи ва бошқа бир қанча дизайнерлар маҳорати ўлароқ яралган либосларга гувоҳ бўлишди. Ҳар бир тўплам қайсидир жиҳатларига кўра, ўз соҳасида янгилик бўлди. Қизил рангли “фаришта” ёки “қароқчилар” қиёфасидаги образларгина эмас, балки ҳам кундалик, ҳам байрамона либослар яратишдаги ўзгача ёндашув ҳам кишини ҳайратга солади. Айнан бир кийимда ноодатийдек туюлувчи жинси ва ипак матолар, мўйнанинг адрас билан бирга қўлланилиши, ранглар “ўйини”, бир қолипдаги тушунчаларни парчалаб ташлагандек бўлди.
Ўнта дефиле бой ўтмишимиздан илҳомланган дизайнерларнинг замонавий мода билан туташиб кетган ўн хил оламидан дарак берарди. Ўн биринчи дефиле Guli тўплами намойиши эди. Хорижий куйлар ва миллий чолғу асбоблари садоси жўрлигида кўзни қамаштирувчи либослардаги қизлар “Минг бир кеча” эртагидаги малика Шаҳризодани ёхуд кўкдан тушган малакларни эслатар, улар ўзлари билан ерга гўзаллик олиб тушгандек эди гўё. Бош дефилега бундан-да муносиб якун ясаш мумкинлигини хатто тассаввур қилиш қийин!
Анъанага кўра, намойиш сўнгида Style.uz лойиҳаси муаллифи Гулнора Каримова Миллий либослар фестивали ғолиблари (Лаъли Фозилова, Айзада Нурумбетова, Илҳом Давлетов ва Наргиза Шерхўжаева)ни ва Underground ёшлар намойиши лауреатлари (Муниса Асқарова, Таисия Чурсина, Камола Асомова, Алишер Бўриев, Маргарита Сафарова, Феруза Ҳайдарова, Моҳинур Икромова, Гулюз Умарова)ни тақдирлади. Британия кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Стив Макналти ўтказилган махсус курслардаги фаол иштироки учун ёш дизайнер Муниса Асқаровага махсус сертификат топширди.
Art Week Style.uzнинг бутун дунё бўйлаб тарқалган мухлислари бир йил орзиқиб кутган дамлар ҳам ниҳоясига етди. Лойиҳа ташкилотчилари кейинги йил нималарни туҳфа этишини эса фақатгина таҳмин қилиш мумкин. Янги қиёфаларми? Номлар? Ёки янгича шаклми? Ўзбек Санъат ҳафталиги ҳар сафар жаҳонни лол қолдиришни уддасидан чиқади.