2011 йил 31 октябрь

17-23 октябрь кунлари — 13 кун давомида Фонд Форумнинг ҳамкорлар кўмагида ўтказган тўрт ёрқин лойиҳаси: Art Week Style.uz санъат ҳафталиги, “Олтин гепард” Биринчи Тошкент халқаро кинофоруми, Theatre.UZ/2011 Иккинчи халқаро театр фестивали ва VI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси давомида 60 мингдан ортиқ томошабин иштирокида 110 та турли йўналишдаги тадбир бўлиб ўтди.
32 иштирокчи давлат, 500 дан ортиқ хорижий меҳмон, 250 га яқин ОАВ вакиллари, 300дан ошиқ кўнгилли ва таржимонлар қатнашган Style.uz санъат ҳафталигига 32000, Theatre.UZ га 15000, “Олтин гепард” га 8000 ва Биенналега 5000 томошабин гувоҳ бўлди.
Лойиҳа доирасида қуйидагилар бўлиб ўтди:
Театр санъати оламининг 250дан ортиқ вакилини тўплаган Theatre.UZ/2011 Иккинчи халқаро театр фестивали доирасида 32 та тадбир;
200 нафардан ортиқ кино саноати намоёндаларини жам қилган “Олтин гепард” Биринчи Тошкент халқаро кинофоруми доирасида 24 та тадбир;
300 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинган кино ва театр режиссёрлари, мода соҳаси мутахассислари, стилистлар томонидан олиб борилган 19 та маҳорат дарслари;
250 га яқин ҳунарманд, рассом ва сураткаш иштирок этган 16 та бадиий ва фотокўргазма (VI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси доирасидаги тадбирларни ҳисобга олган ҳолда);
12 та либослар намойиши: хорижий дизайнерлар ва мода уйларидан 9та, Underground ёш дизайнерлар либослари намойиши, Миллий либослар фестивали ҳамда “Дом стиля”дан Бош дефиле давомида жами 58 та тўплам намойиш этилди;
Жами 7 та анжуман, форум ва давра суҳбатлари: “Ижтимоий ишбилармонликни ривожлантириш: тажриба ва тамойиллар” мавзусида халқаро аёллар бизнес ва маданият форуми, жаҳон кино юлдузлари иштирокида блиц-брифинг, "Мода саноати ва касбий таълим тизими" давра суҳбати, ташкилотчилар, меҳмонлар ва қатнашчилар иштирокида матбуот анжумани, “Кўпмаданиятлиликнинг барҳам топиши ёки трансформация: Биеннале ҳудуди” илмий анжумани, “Жаҳон театр жараёнида Марказий Осиё театрлари роли ва ўрни. Йигирма йиллик эркин театр ривожланиши натижалари” халқаро форуми, замонавий кино муаммоларига бағишланган давра суҳбати.
Шунингдек:
3 та концерт дастури: афсонавий италиялик бастакор Эннио Морриконе концерти, италиялик машҳур хонанда Эрос Рамазотти хайрия концерти ҳамда рус бастакори Игорь Крутой ва опера куйчиси Дмитрий Хворостовскийнинг биргаликдаги “Дежа Вю” қўшма лойиҳаси бўлиб ўтди. Барча концерт дастурларига 80 % гача чипталар мамлакатимиз иқтидорли ёшлари ўртасида бепул тарқатилди. Эрос Рамазотти концертидан тушган маблағ “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмасининг лойиҳаларига сарфланиши режалаштирилди.
2 та хайрия тадбири: “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмасининг касаликка чалинган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбири, “MEROS” Ўзбекистон антикварлари уюшмаси ва жаҳондаги энг йирик Christie`s (Буюк Британия) Аукцион уйининг ислом санъати бўлими билан ҳамкорликда кимошди савдоси ташкил қилинди. Тадбирни британиялик машҳур аукцион бошловчиси Эдвард Райзинг (Edward Rising) олиб борди. Ундан тушган маблағ “MEROS” уюшмаси томонидан тарихий-маданий меросни ўрганиш учун олиб борилаётган тадқиқотлар ва археологик қазилма ишларига сарфланади. Бунга энг яхши археологлар, тарихчи ва олимлар, ёш мутахассислар, юртимиз олий ўқув юртларининг тарих факультети талабалари жалб этилган.
2 та танлов: Сартарошлик санъати халқаро танловида республикамизнинг барча ҳудудларидан 40 дан ортиқ иштирокчи ва Россия, Туркия, АҚШдан таклиф этилган ҳакамлар иштирок этди. Замонавий хореография ва спорт пластикаси танловида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан 45 та рақс жамоалари (716 киши) Канада, Қозоғистон ҳамда мамлакатимиз вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Янги технологиялар: www.style.uz ваwww.ftv.uz сайтлари орқали ҳамда Форум ТВ сунъий йўлдош канали, “Ўзбегим таронаси”, “Замин”, “Терра” радио тўлқинлари орқали бўлиб ўтган тадбирлар тўғридан-тўғри эфирга узатилди, радио, интернет ва Twitter викториналари уюштирилди.